Ҳақиқатан ҳам, охирги икки йилда биз онгли равишда шу нарсага [инфляция даражасининг юқори бўлишига] йўл қўйдик. Яъни инфляция даражаси маълум бир жиҳатдан бизда бошқа давлатларга нисбатан юқори бўлди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлисида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов баёнот берди.
Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, Нурмуратов инфляция даражасининг юқори бўлишини бир неча омил билан изоҳлаган.
"Энг аввало, бошқа давлатлар 30 йил олдин бозор тамойилларига ўтиш чораларини кўришган бўлса, биз буни ҳақиқий ҳаётда охирги 3 йилда амалга оширдик. Биз шу пайтгача бошқариладиган нархларни ҳақиқий бозор ҳолатидан келиб чиқиб эмас, хўжалик субъектларига зарарига бўлса ҳам, нархларни паст даражада ушлаб турдик. Буни бозор кўтармайди. Шунинг учун биринчи навбатда қилаётган ишларимиз – бошқариладиган нархларни эркинлаштириш, бу – келгуси давр учун заминни мустаҳкамлаш мақсадида қилинди" деган Марказий банк раиси.
Нутқи давомида Ислом Каримов даврини билвосита танқид қилиб, амалдаги президентни мақтаб ўтган:
"Иккинчи сабаби эса – бу ҳам объектив сабаб – бизда 27 йил давомида инвестиция чанқоқлиги деган тушунча пайдо бўлди. Ҳукуматимиз, муҳтарам президентимиз ҳудудларда инвестицион фаолликни ошириш учун шароит яратиб бердилар. Бу мақсад ўз-ўзидан бўлмайди, бу албатта қўшимча маблағ ва ресурсларни иқтисодиётга чиқаришни тақозо қилди. Бу, ўз навбатида, банк кредитлари орқали, инвестицион кредитлар орқали, давлат ресурсларини чиқариш орқали амалга оширилди. Бу эса ўз-ўзидан иқтисодиётдаги пул миқдорининг кўпайишига олиб келди. Албатта, бунинг инфляцияга таъсири бор".