Туркия Сурия шимолида ҳарбий амалиётини давом эттирар экан, ҳалок бўлганлар ва ўз уйини тарк этишга мажбур бўлаётганлар сони ошиб бормоқда.
Хабарларга кўра, 11 октябрь куни Туркия қўшинлари Сурия ҳудудига янада чуқурроқ кириб борган.
Қароргоҳи Лондонда жойлашган "Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси" гуруҳи Туркия қўшинлари Рас Ал-Айн ҳамда Тел-Абяд шаҳарлари яқинида етти қишлоқни эгаллаб олганини хабар қилди.
Гуруҳ маълумотларига кўра, 9 октябрь куни бошланган амалиёт туфайли ҳозирга қадар камида 10 нафар оддий фуқаро ҳамда курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучларининг 29 жангчиси ҳалок бўлган.
Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси, шунингдек, 17 нафар Туркияни қўлловчи жангчи ҳам ҳалок бўлганини хабар қилди.
Туркия эса бир аскари ҳалок бўлганини, уч нафар ҳарбий жароҳат олганини билдирди.
Дунё етакчилари Туркияни ўз амалиётини тўхтатишга чорлар экан, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Туркия юриши туфайли 70 мингдан ошиқ одам қочишга мажбур бўлганини билдирди.