Назарбоев икки ҳокимиятчилик даъвосини рад этди, тартибсизлик учун “сотқинлар”ни айблади

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев давлат телевидениесига 11 октябрда интервью берди ҳамда икки ҳокимиятчиликка оид даъволарни рад этди.

Совет авторитаризми маҳсули бўлган 79 яшар Назарбоев жорий йил мартида собиқ бош вазир ва дипломат Қасим-Жомарт Тоқаевга президентлигини топширган.

Аммо, у ҳамон “элбоши” унвонига эга бўлиб, имтиёзлардан фойдаланмоқда: у суд таъқибидан холи, кучли ваколатларга эга Хавфсизлик кенгаши ва анча вақтдан бери ҳокимиятдаги “Нур-отан” партиясига раислик қилмоқда.

У давлатга қарашли Khabar TV га берган интервьюсида Тоқаевнинг ўзидан “маслаҳам сўраб туриши”ни Қозоғистонда “икки ҳокимиятчилик” мавжуд деган гапларга “асос бўла олмайди”, деб айтди.

Назарбоевга кўра, “бундай миш-мишларни Қозоғистонда барқарорлик бўлишини истамаган кишилар тарқатади”. Унинг қўшимча қилишича, “Қозоғистон президент бошқарув тизимига асосланган унитар давлатдир”.

Янги сайланган президент 66 яшар Тоқаевнинг инаугурацияси июнда мамлакатда сайлов ноқонуний ўтганидан норози бўлган кишиларнинг “қама-қама”си давом этаётган пайтда бўлиб ўтган, чет эллик кузатувчилари “сайлов кенг тарқалган қонунбузарликлар” билан ўтганини айтган эди.

Қозоғистонда сўнгги ойларда мамлакатдаги сиёсий турғунлик ва Хитойнинг тахмин қилинган таъсирига қарши кўплаб рухсат этилмаган намойишлар бўлиб ўтди.

Бу ҳол намойиш қатнашчиларининг ҳибсга олиниши ва шусиз ҳам қаттиқ хавфсизлик чораларининг янада кучайтирилишига сабаб бўлди.

Сўнгги баъзи митингларни фаолияти тақиқланган, раҳбари Мухтар Аблязов Францияда қочқинликда яшаётган “Демократик танлов” партияси уюштирди.

Танқидчилар Назарбоев полиция давлатига раҳбарлик қилгани, сиёсий мухолифларини қамоққа ташлаб тургани ёки бошқа йўсинда таъқиб этгани, ахборот воситаларини назорат қилгани, жисмоний ва юридик шахсларга сиёсий содиқлигига қараб, муносабатда бўлганини айтиб келади.