"Навоий вилоят, Қизилтепа шаҳридаги №64/4- жазо ўташ колониясида маҳкумларга қийноқ қўллаш ва шафқатсиз муносабатда бўлиш амалиётига халқаро жамоатчилик зудлик билан аралашиши лозим".
Бу баёнотни қароргоҳи Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси ўз расмий сайтида эълон қилди.
Ўзига келиб тушган маълумотга таяниб ташкилотнинг хабар қилишича, 10 октябрда №64/4- (64/(64/47) жазо ўташ колониясида сақланаётган маҳкумлардан 5 нафари ўзлари тушиб қолган вазиятга эътибор тортиш учун сиёсий очлик эълон қилган.
Ташкилотнинг хабар қилишича, 29 сентябрдан буён №64/4- (64/(64/47) жазо ўташ колониясининг жазо изоляторида 10 маҳкум сақланмоқда. Айтилишича, улар ғишт заводида ишлайди ва иссиқ ғиштни юклаш учун янги қўлқоп ва пойафзал беришини сўраб колония маъмуриятига мурожаат қилган.
“Колониянинг режим бўйича бошлиғи В.Ю.Рустамов ва колония бошлиғи К.Ш.Каримовлар маҳкумларнинг мурожаатига ўта шафқатсиз муносабат билан жавоб қилган.Рустамов шахсан таёқ билан маҳкумларнинг товонига ва таналарининг бошқа қисмларига урган ва шундан сўнг уларни жазо изоляторига қамаб қўйган. 10 октябрь куни 10 маҳкумдан 5 нафари ўзлари тушиб қолган вазиятга эътибор тортиш учун сиёсий очлик эълон қилган”, - дейилади Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси хабарида.
Ташкилот маълумотига қараганда, №64/4- (64/(64/47) жазо ўташ колониясида сақланаётган маҳкумлар ғишт заводида кечаю кундуз – 3 сменада ишлайди. Заводнинг 3 та ғишт пишириш цехида бир суткада 400 мингта ғишт пиширилади. Пишириш цехларидан ҳар 10-15 дақиқада вагончаларда чиқадиган иссиқ ғиштни маҳкумлар юк машиналарига ортиши лозим.
"Бу ишга ўзлари устидан чиқарилган ҳукмга биноан жабрланган томонга кўрилган зарарни тўлаб беришга ҳукм қилинмаганлар ҳам мажбурланади. Маҳкумларнинг бу объектда ишлатилиши Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларига зид келувчи ва маҳкумларнинг Сталин Гулагидаги эксплуатациясига ўхшаш мажбурий меҳнат деб ҳисобланиши керак", - дейилган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси баёнотида.