АҚШ Сурия шимолидан барча қўшинларини олиб чиқиб кетаётганини маълум қилди. Франция эса Туркия етакчилигидаги кучлар ҳамда курд жангчилари ўртасидаги шиддатли тўқнашувлар давом этар экан, ҳудуддаги ҳарбий ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун чора кўрилаётганини билдирди.
13 октябрь куни Суриядаги курд қўшинлари Сурия ҳукуматидан Туркия юришига қарши курашда ёрдам олишга рози бўлишганини маълум қилди.
АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Туркия режалаштирилгандан каттароқ ҳудудга бостириб киришни кўзлаётганини айтди.
Ўтган ҳафтада Туркия курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучларини (СДК) мағлуб этиш учун Шимолий Сурияга ҳарбий юриш бошлади. Анқара СДК Туркияда курдлар мустақиллиги учун курашиб келган “Курдистон ишчилари партияси”нинг бир тармоғи эканлигини иддао қилиб келади.
Эспер СДК Туркия қўшинларига қарши альянс тузиш мақсадида Сурия ҳамда Россия ҳукуматлари билан музокара олиб бораётганини қўшимча қилди.
БМТ маълумотларига кўра, Туркиянинг Суриядаги амалиёти туфайли 130 минг одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.