Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким Термизий зиёратгоҳи яқинида "Вақф" хайрия жамоат фондининг биринчи меҳмонхонаси иш бошлади.
"Вақф" жамғармасининг 14 октябрда билдиришича, меҳмонхонани муфтий Усмонхон Алимов тантанали равишда очиб берган.
Мазкур меҳмонхона 70 ўринга эга, унинг ҳудудида 1 та чойхона ва 1 та ресторан мавжуд.
“Меҳмонхонада мусулмон сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир хонага Қуръони карим, жойнамоз қўйилиши ва қибла кўрсаткичи ўрнатилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, келажакда меҳмонхонани ҳалол стандартига мос ҳолатга келтириш кўзда тутилган”, дейилади расмий билдирувда.
Меҳмонхона фаолиятидан келиб тушган маблағлар вақф мулкларини тасарруф этиш ҳамда хайрия мақсадлари учун ишлатилиши айтилган.
Шунингдек, меҳмонхонанинг очилиш маросимида вилоятдаги 30 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилган.