Ўзбекистондаги илк атом электр станциясини қуриш бўйича “Росатом” ва Ўзбекистон ўртасидаги музокаралар осон кечмаяпти. Бу ҳақда “Росатом” бош директори Алексей Лихачёвга таянган ҳолда Новости ва ТАСС агентликлари 14 октябрь куни хабар берди.
Алексей Лихачёвга кўра, нархни белгилаб олиш зарурати пайдо бўлгани ортидан музокаралар мураккаблашиб бормоқда.
“Аслини олганда, биз иккита номаълумдан иборат тенгламани ечмоқдамиз: лойиҳавий ишлар бўйича ҳам, бу лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳам келишмоқдамиз", деб билдирган Лихачёв.
Жорий йилнинг 3 сентябрида Тошкентга келган Лихачёв атом электр станциясини қуриш ишлари 2020 йилнинг бошидан бошланиши ҳақида эълон қилган эди. Бироқ ТАСС хабарида қурилиш ишларини 2022 йилдан бошлаш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Айни пайтда Россиянинг «Атомстройэкспорт» ширкати Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича муҳандислик-қидирув ишларининг иккинчи босқичини олиб бормоқда.
Иккинчи босқич 29 июнь куни атом электр станциясини қуриш учун мақбул майдонча сифатида танлаб олинган Тузкон кўли яқинидаги ҳудудда бошланган.
2018 йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.