ЎзАнинг 6 андижонлик қамалганига оид хабари эълон қилинганидан кўп ўтмай очилмай қолди

14 октябрда Озодлик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги -ЎзА шу куни эълон қилган хабарга таяниб, Андижонда ёши 20 дан 23 гача бўлган 6 йигит диний экстремистликда айбланиб қамалгани тўғрисида хабар қилган эди.

14 октябрь, куннинг иккинчи ярмида ЎзАнинг хабари очилмади. Озодлик берган ишора босилганда хабар ўрнида "404 Топилмади" деган ёзув чиқмоқда. Андижонлик йигитларнинг қамалишига оид хабар 15 октябрь куни ҳам очилмади.

Бироқ google қидирув тизими 1 кун олдин ЎзА Неъматжон Ўрмонов, Нурулло Позилжонов, Дониёрбек ва Бобурбек Исаковлар, Изатулло Насриддинов ҳамда Аъзамжон Абдуллаевларга оид хабар эълон қилганини кўрсатмоқда.

Google 15 октябрда ЎзА бир кун олдин Андижондаги воқеа оид хабар берганини кўсатди.

8 октябрда Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди Ўрмонов Неъматжон Нўмонжон ўғлини 6 йилга, Позилжонов Нурулло Муҳаммадабдулло ўғли ва Исаков Дониёр Муҳаммаджон ўғлини 5 йил 6 ой муддатга, Исаков Бобурбек Муҳаммаджон ўғли, Насриддинов Иззатулло Абдурасул ўғли ва Абдуллаев Аъзамжон Авазбек ўғлини 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлиги ёши 20 дан 23 гача бўлган бу 6 фуқаро Жиноят кодексининг қайси моддалари бўйича айбдор топилганини ёзмаган.

Агентликка кўра, олтовлон "жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиб ижтимоий тармоқларда тақиқланган сайтлардан материаллар олган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга, қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга очиқдан-очиқ равишда даъватлар қилишган.

Хориждаги диний экстремистик, сепаратистик ва фундаменталистик ташкилотлардан моддий ва молиявий ёрдамдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистондаги барқарорликни бузиш ва фуқаролар тотувлигига рахна солиш каби уйдирмаларни тарқатиш билан шуғулланишган.

Шунингдек, улар ҳижрат ва жиҳод қилиш мақсадида уруш ўчоқлари бўлган Сурия ва Ироқ давлатларига кетиш режаларини ҳам тузишган. Ислом халифалик давлатини қуриш каби ғояларни қўллаб-қувватлашиб Афғонистон, Покистон ва Сурия давлатларидаги “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” ва “Исломий Жиҳод Иттиҳоди” халқаро террористик ташкилотларнинг жангарилар тайёрловчи лагерига бориб қўшилишга ҳаракат қилишган".