Togri.uz сайти фаолияти тўхтатилгани бу таъсисчиларнинг ички ва шахсий масаласи бўлиб, сиёсий сабабларга асло боғлиқ эмас.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжоновнинг баёнотидир.
Ўзбекистон сиëсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаëти янгиликларини ëритиб келаëтган togri.uz сайти фаолияти 14 октябрда тўхтатилгани тўғрисида Озодлик 14 октябрда хабар қилган эди.
Комил Алламжонов ушбу сайт фаолияти тўхтагани юзасидан муносабат билдираркан, яна бундай деган:
"Агентлигимиз юртимиздаги оммавий ахборот воситаларининг сони янада кўпайиши, уларнинг цензурадан холи, эркин фаолият кўрсатиши тарафдори бўлиб, бунинг учун биз барча имкониятларни яратишга тайёр эканлигимизни таъкидламоқчиман.
Ахборот маконидаги рақобат ва хилма-хилликдан энг аввало, халқимиз ва давлатимиз манфаатдор бўлади. Холис, маълум бир шахслар мақсадлари учун эмас, балки эл-юрт фаровонлигига хизмат қиладиган ОАВлар ривожланаверсин ва кўпаяверсин!»
Сайтнинг етакчи журналистларидан бири Хуршид Йўлдошев ўзининг facebookдаги саҳифасида 2 октябрь куни Togri.uz саҳифасидан АОКА тарафидан битта мақола олиб ташлаттирилгани ҳақида ëзган эди.
Ўша мақола Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ташрифи ҳақида эди. Мақола олдириб ташлангани сабаблари ҳақида Togri.uz сайти муассислигига яқин ходим аниқ маълумот беришни истамади ва қисқа қилиб “сиëсий сабаб” деб қўя қолди.
Нашр журналистларидан бирининг Озодликка билдиришича, эътироз АОКА раҳбари Комил Алламжонов тарафидан билдирилган. Эътироз мақолага бириктирилган расмда президентнинг катта қизи Саида Мирзиëева қиëфасининг "гўзал" кўринмагани билан изоҳланган.
Togri.uz сайти ëпилишидан бир ой олдин - сентябрда Minbar.uz сайти ҳам молиявий сабаблар боис ëпилган эди.