Кўп йиллик тажрибага эга АҚШ дипломати АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари президент Дональд Трампга қарши олиб бораётган импичмент терговида кўрсатма беради.
Жорий йилнинг июлида Трамп телефонда Украина президенти Володимир Зеленскийни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундагани ўтган ойда ошкор бўлди. Шу сабабдан айни дамда АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари импичмент суриштирувини олиб бормоқда.
Куни кеча Трампнинг собиқ маслаҳатчиси АҚШнинг Украина бўйича сиёсатда қонунбузарликларга гувоҳ бўлганини айтгани хабар қилинган эди.
Украинада ва бошқа давлатларда коррупцияга қарши курашиб келган Жорж Кент 15 октябрь куни кўрсатма беради.
Миллий хавфсизлик кенгаши ходими Файона Ҳилл кўрсатма бериб, Трампнинг Украина сиёсатида қонунбузарликларга гувоҳ бўлганини ҳамда бу ҳақда хабар қилганини айтган. Хабарларга кўра, ўз кўрсатмаси давомида Ҳилл собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жон Болтон Трампнинг шахсий адвокати Руди Жулианини “ҳаммани портлатиб юборувчи қўл гранатаси” деб атаганини айтган.
Ҳиллнинг сўзларига кўра, Болтон Трамп атрофидаги шахслар ҳаракатларини гиёҳванд модда савдосига қиёслаган.