“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкатининг Фарғонадан Москвага парвоз қилаётган учоғи йўловчилардан бирининг ўзини ёмон ҳис қилганлиги сабабли 15 октябрь оқшомида Россиянинг Самара шаҳрида фавқулодда қўнишни амалга оширган. Бу ҳақда авиаширкат матбуот хизмати ўз Telegram-канали орқали маълумот тарқатди.
Хабарномадан маълум бўлишича, парвоз чоғи 24 ёшли йўловчи ўзини ёмон ҳис қилган. Шу сабабли учоқ командири Самара аэропортига мажбурий қўнишга қарор қилган. Қўниш амалга ошиши билан хаста йўловчи шаҳар касалхонасига олиб кетилган, учоқ эса йўлида давом этиб, Тошкент вақти билан соат 22:25 да Москвадаги “Внуково” аэропортига етиб борган.