Декабрдаги сайловлар учун бюджетдан 230,5 млрд сўм маблағ ажратилади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 22 декабри куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 230 миллиард 549 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайти маълумот тарқатди.

Хабар қилинишича, Молия вазирлиги билан Марказий сайлов комиссияси Республика бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган маблағларнинг қуйидаги мақсадлар учун сарфланиши ҳақида ўзаро келишиб олган:

- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига – 96 миллиард 807 миллион сўм;

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига - 45 миллиард 330 миллион сўм;

- Сайловларда иштирок этадиган сиёсий партияларининг умумпартиявий тадбирлари ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқот ва тарғибот ишларини амалга оширишга - 46 миллиард 674 миллион сўм;

- Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ марказлашган тартибда харид қилинадиган зарур моддий-техника жиҳозлар, товар ва хизматлар билан таъминлаш учун – 41 миллиард 737 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.