АҚШ вице-президенти Майк Пенс билан Давлат котиби Майк Помпео 16 октябрь куни Туркия пойтахтига боради. Улар Анқара расмийлари билан турк қўшинларининг Суриядаги курд отрядларига қарши ҳужумларини тўхтатиш бўйича музокара олиб боришмоқчи.
Бу ҳақда сешанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп билдирган. У АҚШ Туркиядан ҳужумларни тўхтатишни талаб қилишини, акс ҳолда, бу мамлакатга нисбатан кескин чоралар кўрилишини урғулаган. Оқ уй баёнотига кўра, Пенс пайшанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиши кутилмоқда.
Туркия ва унинг суриялик иттифоқдошлари 9 октябрдан бошлаб Сурия шимолида курд отрядларига қарши ҳужумларни амалга ошира бошлаган. Анқара ҳарбий амалиётлардан мақсад чегара яқинида “хавфсизлик ҳудуди” барпо қилиш ҳамда ўз ҳудудидаги 2 миллион суриялик қочқинни ватанига қайтариш эканини иддао қилмоқда.