Айрим сабабларга кўра «Ўзбекконцерт» томонидан лицензияси муддатидан олдин тўхтатилган санъаткорлар Жаҳонгир Отажонов, Абдулла Қурбонов, Шаҳло Аҳмедова ва Ҳалима Ибрагимовага ижодий фаолиятини давом эттириш учун рухсат берилди.
Бу ҳақда хабар қилган Kun.uzга кўра, лицензиялар қайтариб берилиши чоршанба куни «Ўзбекконцерт»да бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда маълум қилинган.
Бироқ "Ўзбекконцерт"нинг расмий сайтида ҳозирча бу ҳақда хабар йўқ.
«Улар бундан буён ўз ижодларини ривожлантириш ва халқимизга астойдил хизмат қилишларини маълум қилганликлари сабаб уларнинг вақтинча олиб қўйилган ва тугатилган лицензияларини қайтарганлигимизни маълум қиламиз», – деган муассаса директори Одилжон Абдуқаҳҳоров.
"Ўзбекконцерт" Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини бундан 2 кун муқаддам - 14 октябрда бекор қилган эди.
15 октябрда Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов ўзининг фейсбукида "Жаҳонгир Отажоновнинг қўшиқларини оилам ва фарзандларим билан яхши кўриб тинглайверамиз! Бунинг учун шахсан бизга лицензия керак эмас!" деб ёзди.
Қўшиқчи Абдулла Қурбоновнинг лицензияси "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг 31 май кунги қарори асосида тугатилган эди.