Ўзбекистон келажакда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказиш керак. Бу вазифа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан чорвачилик ва боғдорчилик тармоқларини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланиб, 16 октябрь куни Тошкентда ўтказилган йиғилишда қўйилди.
Мирзиёев жорий йилнинг 9 ойида мева-сабзавот экспорти қарийб 1 миллиард долларга етгани, бироқ бўш ерлардан унумли фойдаланиш, талаб юқори бўлган экин навларини етиштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳали талаб даражасида эмаслигини таъкидлаган.
Президент мева-сабзавотга ихтисослашган барча 55 та туманда боғдорчилик соҳасида мутлақо янги тизим жорий қилинишини айтган. Унга кўра, хориж бозорларида ўз товар белгисига эга бўлган экспортчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари иштирокида ушбу туманларда кооперациялар ташкил этилади.
Йиғилишда аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳам етарли эмас, деб баҳоланган. Мутасаддиларга 2019-2021 йилларда 300-500 бош чорва боқишга мўлжалланган 270 та бўрдоқичилик комплекси ва 260 та сутчилик корхонасини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш топширилган.