Фарғона водийси вилоятларида “Ҳизбут-Таҳрир” аъзолари қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида 16 октябрь куни мамлакатда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари ушланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қанча одам қўлга олинганига аниқлик киритилмаган, бироқ уларнинг аксарияти муқаддам мазкур ташкилотга аъзо бўлганлари учун қамалиб чиққанлари қайд этилган. Тартиб посбонлари қўлга олинганларнинг ўзаро жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, “Ҳизбут-Таҳрир” ғояларини тарқатганлари ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларни содир этганларини иддао қилган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб, олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда, дейилади ИИВ хабарномасида.

Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Ҳизбут-Таҳрир” мамлакатда фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.