Шоир ва блогер Маҳмуд Ражаб устидан суднинг иккинчи мажлиси бошлангани хабар қилинди

Маҳмуд Ражаб

17 октябрь, куннинг иккинчи ярмида Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида шоир ва блогер, 56 яшар Маҳмуд Ражаб устидан суд жараёнининг иккинчи мажлиси бошланди.

Суд мажлисида иштирок этаётган икки хоразмликдан олинган бу хабарнинг Озодликда расмий тасдиғи йўқ.

Хабар қилганларнинг айтишича, судга уйидан қатнаётган Маҳмуд Ражаб суд залидаги темир панжара ортида эмас, очиқда ўтирибди.

Шоир ва блогер устидан бошланган суд жараёнининг биринчи мажлиси сўнгги жума, 11 октябрда бўлиб ўтгани хабар қилинди.

Маҳмуд Ражабга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси) билан айблов илгари сурилган. Бу моддаларда 5-10 йил қамоқ жазоси назарда тутилган.

Маҳмуд Ражаб жорий йилнинг март ойида Истанбулдан мухолифатчи шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида ушланиб, қўлидаги китоблар тақиқланган адабиётлар сифатида олиб қўйилган эди.

Маҳмуд Ражаб ўзининг яқинлари, уни қўлловчи шахслар билан биргаликда 22 сентябрь куни тушдан кейин Гурлан туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиққан, юриш иштирокчилари орасида ёши катта аёллар, ёш болалар, ҳатто чақалоғи билан чиққан бир аёл ҳам бор эди.

“Тошкентга юриш” қилгани учун 10 суткага қамалган 56 яшар шоир Маҳмуд Ражаб жазо муддатини ўтаб, 3 октябрь озод қилинган.