Шу кунда Туркманистон далаларида пахта тераётганлар орасида бу ишга мажбуран жалб қилинган давлат идоралари ва корхоналарининг кўплаб ходимини учратиш мумкин.
Turkmen.news нашри хабарига кўра, мамлакат ғарбида пахта теримига бандаргоҳ ходимлари ҳам жалб қилинган.
"Туркманбоши халқаро бандаргоҳининг бутун жамоаси навбатма-навбат Ахал вилояти билан чегарадош Сердар шаҳри далаларига пахта теримига юборилмоқда", дея хабар қилади нашр.
Қайд этилишича, “пахта смена”си 10 кун давом этади. Ходимлар егуликларини ўзлари билан олишлари керак, шунингдек, турар-жойни ҳам ўзлари топишлари лозим. Айрим жойларда маиший шароит мутлақо йўқ. Одамлар даланинг ўзида ҳожат чиқарадилар.
"Кўплаб ходимлар пахтага бормасликни афзал кўришади, бунинг учун кадрлар бўлимига 300 манат (бозор курси бўйича $17) беришлари керак бўлади. Бандаргоҳда маош кўп эмас, кўпчилик учун бу пул – ойлик маошнинг ярмини ташкил қилади, бироқ пахта теримига бориш, овқатланиш ва яшаш янада қимматга тушади, шу сабабли ходимлар пул беришни ва шу тариқа пахта теримидан қутилиб кетишни афзал кўришади", деб ёзади Turkmen.news нашри.
Пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани борасида халқаро танқидларга қарамай, Туркманистон расмийлари мажбурий меҳнатдан воз кечганлари йўқ. Мамлакатда пахта етиштириш давлат томонидан қатьий назоратга олинган бўлиб, бу йил мамлакатда 1 миллион 50 минг тонна пахта етиштириш режалаштирилган.