HRW халқаро ҳамкорларни оилавий зўравонликдан аёлларни ҳимоя қилиш борасида қозоқ расмийларига босим ўтказишга чақирди

Иллюстратив сурат.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистоннинг халқаро ҳамкорлари, шу жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқини оилада зўравонлик қурбони бўлаётган аёлларни яхшироқ ҳимоялашлари учун қозоқ расмийларига босим ўтказишга чақирди.

17 октябрь куни эълон қилинган қисқа ҳисоботда Қозоғистонда аёллар етарлича ҳимоя қилинмаётгани қайд этилади.

HRWга кўра, Қозоғистон ҳукумати зудлик билан Жиноят кодексига оилавий зўравонлик алоҳида жиноят ўлароқ эътироф этиладиган модда киритиши ҳамда зўравонга берилажак жазо етказилган зарарга мувофиқ оғирликда бўлишини таъминлаши лозим.

Қозоғистонда маиший зўравонлик 2017 йили жиноят сирасидан чиқарилган. Ўша йил 3 июлида президент Нурсултон Назарбоев “калтаклаш” ва “инсон саломатлигига қасдан енгил жароҳат етказиш” каби моддаларни жиноятдан маъмурий қонунбузарликка ўтказиш бўйича тузатишларни имзолаганди. Бунгача оилавий зўравонлик жиноят ўлароқ таъқиб қилинган.