Қозоғистон Миллий хавфсизлик Қўмитаси( МХҚ)нинг 17 октябрь куни маълум қилишича, Суриядан қайтарилган 14 кишига нисбатан терроризмда айблаш билан боғлиқ жиноят иши тергови якунланди.
Тергов версиясига кўра, гумондорлар Сурияда “Ислом давлати”(ИД) экстремистик гуруҳининг битта отряди сафида бўлган. Қўмита баёнотига қараганда, уларга нисбатан террорчилик фаолиятида иштирок этиш, ёллаш ва терроризмни тарғиб қилиш, «шунингдек бошқа оғир жиноятларни содир этиш» айби қўйилмоқда. Гумондорларнинг исми шарифи, жинси ва ёши ҳақида қўмита хабарида маълумот берилмаган. Қўмитанинг хабар қилишича, жиноят иши пойтахтдаги туманлараро жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган судга оширилди.
МХҚ сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, бундан аввал Суриядан қайтган бошқа 10 эркак ва 5 аёл Қозоғистонда фаолияти тақиқланган мазкур гуруҳ “фаолиятида иштирок этиш факти” бўйича турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.
Йил бошида Қозоғистон ўз фуқароларини Суриядан қайтариш операцияси ҳақида баёнот берган эди. Яқин Шарқдан олиб чиқилган бир неча ўнлаб эркак ва аёлларга нисбатан расмийлар терроризм билан боғлиқ айблов бўйича жиноят иши очди.
МХҚ эълон қилган маълумотларга кўра, «Жусан» амалиёти доирасида Суриядан 595 нафар қозоғистонлик, жумладан 400 дан ортиқ бола қайтарилди. Январда Қозоғистон расмийлари баёнот бериб, уруш қамраб олган бу мамлакатдан 50 киши қайтарилганини маълум қилди, уларнинг кўпчилигини болалар ташкил қилади. Май ойи сўнгида Қозоғистон президенти администрацияси амалиётнинг “якуний босқичида” Суриядан 170дан ортиқ бола ва 67 нафар аёл олиб чиқилгани юзасидан ҳисобот берди.