Ўзбекистон ҳукумати 18 октябрдаги 881-сонли қарори билан Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Низомга мувофиқ, балансида давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объекти бўлган юридик шахс ҳар йили 1 ноябрга қадар фойдаланиш таклиф этилаётган объект бўйича Маданий мерос департаментининг ҳудудий бошқармасига таклиф киритади.
Ҳудудий бошқарма ушбу объектни жойига чиқиб ўрганади ҳамда ундан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса тайёрлайди.
Доимий ва даврий равишда диний урф-одат ва маросимлар ўтказиб туриладиган объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилади.
Объект савдо, эсдалик совғалари ва ҳунармандчилик буюмлари сотиш, компьютер, нусха кўчириш ва Интернет хизматлари кўрсатиш, фото, видео ва экскурсия хизматлари кўрсатиш каби фаолият турлари учун бир йилгача фойдаланишга берилиши мумкин.
Шунингдек, объект 5 йилдан 30 йилгача муддатга ижарага берилиши мумкинлиги қўшимча қилинган.