Умрбод озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги бошқармасининг минтақавий вакили, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги вакили, Бишкекдаги ЕХҲТ Марказига очиқ мурожаат йўллади. Асқаровнинг мактубини Voice of Freedom жамоатчилик жамғармаси бошқаруви раиси Абдумўмун Мамараимов тарқатди. Бу ҳақда Азаттиқ радиоси хабар қилди.
Асқаров жазони ижро этиш №19 колонияси раҳбари Н.А.Труспековнинг нохақ ҳаракатларидан – учрашувни чеклаши, қонунга зид равишда жарима изоляторига жойлаштириши, қонун бўйича маҳбусларга кафолатланган пенсия тўловлари борасидаги талабни инкор қилиши юзасидан шикоят қилган. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, нафақат ўзининг балки бошқа маҳбусларнинг ҳам хуқуқлари бузилмоқда.
«Жаҳон ҳамжамияти Қирғизистон расмийларидан БМТ Инсон хуқуқлари бўйича қўмитасининг қарорини бажариш ва зудлик билан мени озод бўлишимни талаб қилаётган бир вақтда жазони ижро этиш №19 колонияси бошлиғи оила аъзоларим билан учрашишга тўсқинлик қилган ҳолда мени ҳақоратламоқда», - деб ёзган Асқаров.
Унинг таъкидлашича, июнь ҳодисалари бўйича ҳукм қилинганлар БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлардан бу иш бўйича судьялар ва адвокатларнинг даражаси белгиланишини ва июнь ҳодисалари бўйича ҳукм қилинган маҳбусларга, жумладан А.Асқаровнинг ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилгани борасидаги шикоятлар мустақил равишда текширилишини кутмоқда.
Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозор Қўрғон туманида истиқомат қилган ва ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланган. 2010 йилнинг июнь ҳодисаларидан кейин тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимининг ўлимида иштирок этиш гумони билан ушланди. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Қўмитаси Қирғизистон хукуматига мурожаат қилиб ҳуқуқ ҳимоячисининг иши қайта кўриб чиқилишини сўради. Қўмита ўз қарорини Азимжон Асқаров оғир шароитларда ушлаб турилгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ва у қонунга зид равишда ушлаб турилиши билан изоҳлади. Қирғизистон суди янги вазият бўйича ишни қайта кўриб чиқди ва хукмни ўзгартиришсиз қолдирди.
2019 йилнинг 30 июлида унинг иши жиноий қонунчилик ўзгартирилиши муносабати билан қайта кўриб чиқилди - йил бошида Қирғизистонда янги Жиноий ва Жиноий -процессуаль кодекслар кучга кирди. Уларда жазолар юмшатилиши ва жиноий қонунчилик инсонпаварлик бўлиши кўзда тутилади. Асқаровнинг ўзи суд мажлисларида иштирок этмади. Адвокатлар Асқаровнинг айбсизлигини, шунингдек унинг саломатлиги жиддий ёмонлашганини айтишади. Чуй вилоят суди ҳуқуқ ҳимоячисининг озод бўлишига рухсат бермади.