Туркманистон президенти ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини хорижга сотиш борасида топшириқ берди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бош вазирнинг савдо масалалари бўйича ўринбосари Чари Гилижовга бозорни ўрганиш, мамлакатда истеъмолчиларнинг талабини таҳлил қилиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда инновацион технологияларни жорий қилиш ҳамда ички бозорни юқори сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлдириш юзасидан топшириқ берди.

Бердимуҳамедов фикрича, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш борасидаги ишларни фаоллаштириш ва ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун хорижда янги каналларни топиш керак, деб ёзади "Хроника Туркменистана" нашри.

Туркманистонда қайси маҳсулотлар мўл-кўллиги ҳақида маълумот берилмаган, бироқ мустақил нашрлар сўнгги йилларда мамлакат бозорларида Туркманистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган ун, ёғ, тухум, шакар ва нон етишмаётгани ҳақида муттасил ёзиб келадилар. Бу маҳсулотларни олиш учун эрталабки соат 4 дан бошлаб навбатга турилади, бироқ маҳсулотлар ҳар куни олиб келинмайди.