Ташқи ишлар вазирлиги Туркияга кетаётганларни ортиқча тамаки ва алкоголли маҳсулотлар олиб кетмасликка чақирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти Туркияга кетаётган ўзбекистонликларни ортиқча тамаки ва алкоголли маҳсулотлар олиб кетмасликка чақирди.

Департамент Туркия ҳудудига белгиланган меъёрдан ортиқ тамаки ва алкоголли маҳсулотларни олиб кирган шахсларга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг “Контрабанда” моддаси бўйича жиноят иши очилишини эслатади. Суд қарорига мувофиқ, мазкур шахслар жиноят иши содир этган, деб ҳисобланади ва уларга нисбатан олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки маъмурий жарима жазолари қўлланилади.

Суднинг якуний қарори чиққунга қадар Туркия ҳудудидан депорт қилинган ва суд ҳукмига кўра айбдор деб топилган шахслар Туркия ваколатли органларининг маълумотлар базасига қидирувдаги шахс ўлароқ киритилади ҳамда давлат чегарасини кесиб ўтиш чоғида қўлга олинади.

Шу муносабат билан ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон ватандошларини тамаки, алкоголь ва бошқа маҳсулотларни олиб кириш бўйича Туркиянинг божхона қоидаларига амал қилишга чақирган.

Қайд этилишича, Туркия ҳудудига шу кунда 18 ёшдан ошган ватандошлар томонидан 600 донагача сигарет, таркибида алкоголь 22 фоиздан юқори бўлган ичимликлардан 1 литр, таркибида алкоголь 22 фоиздан кам бўлган ичимликлардан 2 литр божхона тўловисиз олиб кирилиши мумкин.