Ўзбекистонда жорий йил бошидан бери қарийб 8 миллион киберҳужум аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Москвада ўтаётган “Очиқ инновациялар” халқаро форумида билдирди.
Ариповга кўра, шу важдан республикада рақамли маълумотлар хавфсизлиги ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс дастур қабул қилинган бўлиб, бу дастур доирасида ахборот хавфсизлиги соҳасида 70 дан зиёд турли ҳужжатлар тасдиқланган.
Бош вазир кўрилаётган чоралар натижасида Ўзбекистон Халқаро электр алоқа иттифоқининг глобал киберхавфсизлик индексида 40 поғона юқорилаб, 175 давлат орасида 52-ўриндан жой олганини қўшимча қилган.
Аввалроқ Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази томонидан 2017 йили давлат муассасалари сайтларига 600 дан зиёд ҳужум қайд этилгани, 2018 йилда эса бу кўрсаткич 30 фоизга пасайгани хабар қилинганди.