Янгийўл туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими катта инспектори Усмон Замонов лавозимидан четлатилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати маълумот тарқатди.
У. Замоновнинг ишдан олинишига 22 октябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқаган ҳақоратли аудио ёзув сабаб бўлган.
Аудиода ўзини “ГАИ замначальниги Усмон” деб таништираётган шахс “Янгийўлликлар” Телеграм каналида ҳайдовчиларнинг бир-бирини ЙҲХҲ инспекторлари қаерда турганлиги ҳақида огоҳлантиргани учун уятли сўзлар билан сўккан.
Тошкент вилояти ИИББ томонидан олиб борилган текширув давомида У. Замонов аудио ёзув ҳақиқатдан ҳам ўзига тегишли эканлигини маълум қилган.
Аввалроқ Озодлик саволларига жавоб берган Усмон Замонов Телеграм каналида тарқатилган овоз уники эмаслигини иддао қилганди.
23 октябрь куни соат тахминан 21:30 ларда Янгийўл шаҳрида жойлашган ЙҲХБ маъмурий биноси атрофига тахминан 100га яқин йўналишсиз такси ҳайдовчиси тарқатилган аудио ёзув юзасидан изоҳ берилишини сўраб йиғилган.
Вилоят ИИББ 4-минтақавий ҳудуд, Янгийўл шаҳар ва туман ИИБ раҳбарлари йиғилганлар билан учрашиб, ЙҲХБ катта инспектори У. Замоновга нисбатан ҳозирда хизмат текшируви ўтказилаётгани, барча тўпланган ҳужжатлар прокуратура идораларига юборилиб, қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишини тушунтирганларидан кейин йиғилганлар тарқалган.
Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ЙҲХБ катта инспектори Усмон Замонов ўз “хатти-ҳаракатлари билан фуқаролар ўртасида ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар келиб чиқишига ҳамда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганлиги учун” эгаллаб турган лавозимидан четлатилганини маълум қилган.