Мониторинг гуруҳи ташрифи давомида Н. Аллашукурованинг (Нафосат Оллошукурова - таҳр.) руҳий ҳолати нисбатан барқарорлигига ва мулоқот қила олишига ишонч ҳосил қилди.
Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўз расмий сайтида хабар қилди. Хабарда айтилишича, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 2019 йил 21 октябрь куни Омбудсман томонидан тузилган мониторинг гуруҳи суд қарорига кўра 2019 йил 26 сентябрда Хоразм вилоятининг психоневрологик диспансерига даволаш учун жойлаштирилган фуқаро Н. Аллашукурова билан учрашган.
Мониторинг гуруҳи таркибида Омбудсман вакилларидан ташқари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари А. Ташанов ва “Нажот” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Х. Якубов, шунингдек, психиатрия соҳасида етакчи экспертлар қатнашди.
Мониторинг гуруҳи ташрифи давомида Н. Аллашукурованинг руҳий ҳолати нисбатан барқарорлигига ва мулоқот қила олишига ишонч ҳосил қилди.
"Суҳбат давомида у ўзига тиббиёт муассасаси ходимларининг самимий муносабатда эканлигини ва унга нисбатан бирор-бир руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш ҳоллари бўлмаганлигини қайд этди. Н. Аллашукурова уни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган ўз хатти-ҳаракатлари юзасидан афсусда эканлигини билдирди" дейилади Омбудсман расмий сайти хабарида.
Расмий хабарда айтилишича, мониторинг гуруҳида қатнашган тиббиёт ходимлари томонидан Н. Аллашукурованинг касаллик тарихини ўрганиш натижасида, унинг ташҳиси касалликлар халқаро таснифи КХТ-10 мезонларига мос келишини ва унга даволаниш клиник симптоматикага мувофиқ тайинланганлигини кўрсатган. Ташриф вақтида мутахассислар бемор ҳолати нисбатан яхшиланганлигини қайд этганлар. Шу билан бирга, айни вақтда тушкунлик аломатлари сақланиб турганлиги ва белгиланган даволаш курсини давом эттириш зарурлиги таъкидланган. Диспансер врачлари томонидан белгиланган дори воситалари орасида инсоннинг руҳий фаолиятини пасайтирадиган кучли таъсир кўрсатувчи препаратлар йўқлиги маълум бўлган.
Н. Аллашукурова ота-онаси билан телефон орқали суҳбатлашган ва уларга ўзининг ҳолати, қулай муҳитда сақланаётганлиги ҳамда унга тиббиёт ходимлари ҳурмат билан муносабатда бўлаётганлиги ҳақида хабар қилди. Н. Аллашукурова тўрт маҳал иссиқ парҳез таом билан таъминланган.
"Суҳбат вақтида Н. Аллашукурова юқорида баён этилганлардан ташқари ўзининг моддий аҳволидан хавотирда эканлигини ва даволангандан сўнг, ишга жойлашиш истагини билдирди. Мониторинг гуруҳи Н. Аллашукурова билан учрашган вақтда унинг акаси Тожимурод ҳам иштирок этди" дейилади Омбудсман расмий сайти хабарида.
- Шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг “Тошкентга юришини” ëритгани ортидан 10 кунлик қамоқ муддатини 3 октябрь куни ўтаб бўлган 32 яшар блогер Нафосат Оллошукурова ўша куннинг ўзида Урганч туманида жойлашган Хоразм вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерига ëтқизилган эди.
- Озодлик 21 октябрь куни қўлга киритган суд қарорида таъкидланишича, маҳкама ҳайъати Оллошукурованинг очлик эълон қилганини “унинг руҳий ҳолати бузилиши” деб топган ва шу сабабга кўра уни мажбуран руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирган.
- Суд қароридан маълум бўлишича, Нафосат Оллошукурова аввал айтилганидек, қамоқ жазосини ўтаб бўлгач эмас, балки қамоққа ташланганидан 3 кун ўтиб, руҳий касалхонага ётқизилган.
- Нафосат Оллошукурова блогерлар сафига бир йилча аввал қўшилган. Асосан, Фейсбук тармоғи орқали жонли чиқишлар қилди. Чиқишларида асосий эътиборни ҳуқуқ-тартибот идораларидан азият чеккан шахсларга қаратди. Яна у Тошкентда расмий идоралар олдида бўладиган норозилик пикетларини тармоқлар орқали жонли ёритадиган блогер сифатида танилган.
- Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган эди.
- Икки ой аввал Хотин-қизлар қўмитасининг "ҳуқуқбузарликка мойил" аёллар рўйхатини тузиш қарори кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Ўша пайтда Шабнам Оллошукурова Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан Фейсбук орқали жонли интервью қилгани билан ҳам танилган эди.
- Нафосат Оллошукурованинг уч ёшга тўлган икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда болаларга Тошкентда Шабнамнинг онаси қараяпти.