Туркманистоннинг Ахал вилоятидаги ёғ заводи фаолияти Ўзбекистондан олиб келинаётган пахта чигити ҳисобига жонланди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри хабар қилади.
Нашрнинг Туркманистон темирйўллари Транспорт-логистика маркази ходими сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Ахал ёғ заводига Ўзбекистондан кунига 5 вагондан 10 вагонгача хом ашё келмоқда. Бундан ташқари, заводга ўзбек чигити автотранспорт билан ҳам келтирилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Мазкур завод бир кеча-кундузда 300 тоннагача хом ашёни қайта ишлаш салоҳиятига эга.
Айни пайтда Туркманистон Ўзбекистонга бензин экспорт қилмоқда. Нашр Туркманистон билан Ўзбекистон маҳсулот бартери бўйича келишувга эришган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
Ахал ёғ заводида иш жонланганига қарамай, маҳсулотлар ҳали сотувга чиқарилганича йўқ.
Туркманистонда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаётгани ҳақида Озодлик аввал бир неча бор хабар қилган.