Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларидан кейин катта спортдан кетиш ниятида. Бу ҳақда у ТАСС ахборот агентлигига маълум қилган.
“Бу менинг сўнгги Олимпиадам бўлади, катта спортдан кетаман, фаол спортчи бўлмайман, аммо спортда қоламан. Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар спорти ривожи учун қўлимдан келган барча ишни қиламан”, деди О. Чусовитина.
Токиодаги Олимпия ўйинлари 2020 йилнинг 24 июлидан 9 августигача бўлиб ўтади. Аввалроқ олимпиа чемпиони бўлган Чусовитина бу ўйинларда иштирок этмоқчи эканини билдирган. Бу 44 ёшли спортчи учун саккизинчи олимпиада бўлади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Оксана Чусовитина 1992 йил Барселонадаги Олимпиадада олтин, Пекиндаги Олимпиадада эса кумуш медалларини қўлга киритган.
Шунингдек, жаҳон чемпионатларида 3 мартадан олтин ва кумуш медал, 4 марта бронза медални қўлга киритган Чусовитина Осиё ўйинларининг 2 маротаба чемпиони бўлган.
Оксана Чусовитина гимнастика тарихида еттита Ёзги Олимпиадада иштирок этган ягона спортчидир. Унинг номи Гиннес рекордлар китобига киритилган. 2017 йилда унинг номи Гимнастика халқаро шуҳрат саройидан жой олган.
Оксана Чусовитина "Дўстлик", "Меҳнат шуҳрати" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланган.