Жасади каналдан топилган ўсмир ҳақидаги Озодлик хабарини Бош прокуратура изоҳлади

Иллюстратив сурат

19 октябрь куни Қарши тумани «Хониён» МФЙда яшаган вояга етмаган Рахим А. (2004 й.т., 7-сонли мактаб ўқувчиси) «Қарши Бош канали»нинг «Дашт» қишлоғидан оқиб ўтувчи қисмидаги кўприкдан сувга сакраб, ўз жонига қасд қилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Воқеа тўғрисида Озодлик 26 октябрда хабар қилган эди.

Бош прокуратурага кўра, ҳолат юзасидан ишга алоқадор 7-сонли умумий ўрта таълим мактаб директори ва ишчи-ходимларидан ҳамда ўқувчилардан тушунтиришлар олинган.

"Аниқланишича, ўқувчи Рахим А.нинг мобил телефонида уятсиз видеолар ёзилганлиги сабабли синф раҳбари томонидан онаси мактабга чақиртирилган. Онаси мактабга келиб, ўғлига танбеҳ қилганидан сўнг, Рахим А. мактабдан югуриб чиқиб кетиб, канал томонга кетганлиги, синфдошлари эса унинг орқасидан боришганлиги ва Рахим А.ни узоқдан ўзини каналга ташлаганини кўришган", дейилган Бош прокуратура хабарида.

Ушбу куни вояга етмаган Рахим А.ни ҳеч ким уриб ҳақорат қилганлиги ҳолати аниқланмаган.

  • Бироқ ўқувчининг синфдошларидан бири боланинг мактаб ўқитувчилари томонидан калтакланганига гувоҳ бўлганини Озодликка айтган:
  • - Синф раҳбаримиз ва директор ўринбосари телефон устида урди. Ёқасидан ушлаб, судраб актовий залга олиб кетишди. Кейин юзини чап томони қизарган, йиғлаб юрувди. Бундан олдин қизларни олдида, синфдошларини олдида уялтирувди-да. Онасини мактабга чақиртиришди. Онаси келган пайт, "ўзимни ўлдираман", деб канал бўйига қочиб кетди. Борсак, ўзини ташлаб бўлибди.

Бош прокуратурага кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текшириш давомида Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Қарши тумани ИИБ, вояга етмаганлар бўйича идоралараро комиссия ва фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органларига хизмат текширувлари тайинланган.