Қашқадарёнинг муваққат ҳокими Зоир Мирзаев мактабда дарс ўтди

Зойир Мирзаев бош вазир муовини лавозимида ишлаб турган пайтида Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлаган эди.

Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаев Қарши шаҳридаги 9- умумтаълим мактаби ўқувчиларига дарс ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб, маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Вилоят ҳокими ўз билимларини ўртоқлашиш баробарида ўқувчиларнинг она тили, физика, математика ва хорижий тиллар бўйича билимларини ҳам синовдан ўтказгани, шунингдек, ҳоким мактабда ўқитувчи ва ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишгани хабар қилинди.

  • 23 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда бошқа раҳбарлар мактабларга бориб, дарс бериш тартибини жорий этиш топширилганди.
  • 26 октябрь куни Қашқадарёда ўтган ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги махсус йиғилишда олти йилдан бери Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилиб келган Зафар Рўзиев ишдан олиниб, унинг ўрнига Зойир Мирзаев Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. ​
  • Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлагани билан Озодлик муштарийларига яхши таниш бўлган Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 29 октябрь куни бош вазир муовини лавозимидан бўшатилганди.
  • Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 7 ноябрида Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган эди.​