Жорий йилнинг 1 ноябридан Ўзбекистонда дарахтлар кесилишига мораторий жорий этилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонда айтилади.
Қайд этилишича, Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Киритилажак мораторий 2020 йил 31 декабргача амал қилиши белгиланган. Бу муддат ичида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилган.
Айни пайтда дарахт кесишга тақиқ табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга, ёғоч ва мевалар олиш учун ўстирилаётган дарахтлар ҳамда буталарни (терак ва тез ўсувчи бошқа навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга, плантацияларда ўстирилаётган ва/ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки ҳисобланган дарахтлар ҳамда буталарни кесишга нисбатан амал қилмаслиги урғуланган.