Ўзбекистонда жорий йил октябрь ойида газ ўғирланиши ортидан етказилган зарар 4 млрд 778 млн сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Кун.уз нашри “Ўзнефтгазинспекция” ахборот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.
“Ўзнефтгазинспекция” маълумотига кўра, 1 октябрдан 25 октябргача республика бўйича 3 млрд 885 млн сўмлик газдан ноқонуний равишда фойдаланилган.
Хусусан, Фарғона ҳамда Жиззах вилоятида жойлашган “Зафаробод агроэкспорт” ва “Қувасой шаффоф оҳак” корхоналарига қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида жами 1 млн 873 минг куб метр, шунингдек, Тошкент вилоятида жойлашган “Вайт Керамик” МЧЖга қарашли чинни цехида жами 128 772 куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланган.
Хабарда табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш бўйича йил бошидан буён 2500 дан зиёд ҳолат аниқлангани урғуланади.