Туркманистонда полицияга чақирилган гей бедарак йўқолди

Туркманистонда 24 ёшли Қасимберди Гараев полицияга чақирилганидан кейин бедарак йўқолди. У мамлакатда жинсий озчиликларга қарши тоқатсизлик мавжудлигини оммавий ахборот воситалари орқали очиқ айтган илк гей бўлиб ҳисобланади.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Гараев ҳибсга олинган бўлиши ва хатар остида бўлиши мумкин, чунки Туркманистонда гомосексуализм ҳалигача жиноят саналади.

Қасимберди Гараев у ҳақда Озодликда мақола чиққанидан бир неча кун ўтиб – 24 октябрь куни полиция идорасига чақиртирилган. Озодликда унинг исми ўзгартирилган, фақат ёши ва онколог шифокор бўлиб ишлаши зикр этилганди.

Полицияга чақирувдан кейин Гараев билан алоқа узилган. Маълумотларга кўра, мақола ёйинланганидан кейин Туркманистон хавфсизлик идоралари Озодлик билан суҳбатлашган киши тавсифига тўғри келиши мумкин бўлган ёш шифокорларнинг барчасини текшира бошлаган.

Гараев ўз интервьюсида амакиси Туркманистон президенти қўриқчилик хизматида ишлашини айтган. Бу тафсилот унинг шахси аниқланишига сабаб бўлиши мумкинлигини билганига қарамай, у бу ҳақда зикр этишни муҳим, деб билган.

Гараев ўтган йили Беларусдан қайтиш чоғида интернет орқали бир йигит билан танишгани, аммо у билан учрашмоқчи бўлган пайтда бу полиция тузоғи бўлиб чиққанини ҳам айтган. Ўша пайтда уни отаси ва амакиси полиция бўлимидан олиб чиқиб кетишган, акс ҳолда у жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эди.

Сўнгги пайтларда Озодликнинг туркман хизмати Туркманистонда жинсий озчилик вакилларига нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилганига оид бир нечта хабар келиб тушган.

Таҳририят Гараевлар оиласи Ашхободдаги уйидан кўчиб кетганини аниқлаган. Аммо оила ўз ихтиёри билан кўчиб кетганми ёки бунга мажбур қилинганми – ҳозирча маълум эмас.