Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни, хотин-қизлар ўртасидаги ишсизлик 13 фоизни ташкил этди. Яъни, ишсизларнинг 53 фоизи аёлларга тўғри келади.
Бу маълумотни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Мамарасулов Самарқандда ўтказилган "XXI аср ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда Марказий Осиё хотин-қизлари роли" халқаро форумида очиқлагани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.
Вазирлик вакилининг айтишича, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет давлатларга чиқиб кетган 2 миллион 594 минг фуқаронинг 15 фоизга яқини (389 минг нафар) аёллардир. Бу эса ҳануз Ўзбекистонда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар етарли бўлмаётганидан далолат беради, – деган Меҳнат вазирлиги вакили.