Ўзбекистон Хитойга анор мевасини экспорт қилиш имкониятига эга бўлди. Бунга оид келишув Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши бош вазири Ли Кецяннинг жорий йил 1—2 ноябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида имзоланган.
Маҳаллий нашрларнинг “Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, Ли Кецяннинг ташрифи давомида меваларни автотранспортларда учинчи мамлакат ҳудудидан транзит орқали Хитойга экспорт қилиш имконияти ҳам яратилган ва буни амалга ошириш бўйича талаблар белгиланган.
Талабларни бажариш орқали бундан буён тадбиркорлар Хитойга экспорт қилинишига рухсат этилган меваларни Қозоғистон орқали Харгос ва Алашанкоу ҳамда Қирғизистон орқали Иркештам ва Тургарт чегара ўтказиш пунктларидан Хитойга автотранспортларда олиб ўтиши мумкин бўлади.
Ҳозирда Хитойга гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, қобиқсиз ёнғоқ, ширин ва аччиқ бодом, узум данаклари, кунжут, майиз, ўрик қоқиси экспортига рухсат олишга эришилган бўлиб, бунга қўшимча равишда эндиликда узум, лимон, хурмо, олма, анжир, олхўри, шафтоли, тарвуз, пиёз, ловия, ерёнғоқ, қуритилган аччиқ қалампир, олхўри, қовун экспортига рухсат олиш бўйича музокаралар давом этмоқда.