Россия билан ҳамкорликда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг техник-иқтисодий асослари (ТИА) ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига “Қирғиз темир жўлу” давлат корхонасининг темир йўл қурилиши ва лойиҳалаштириш дирекцияси раҳбари Жамшитбек Қалилов маълум қилган.
“Россия билан ҳамкорликда ТИА ишлаб чиқилди – йўл қаердан ўтиши, қурилиш билан бир вақтда қайси конлар ўзлаштирилиши ва бошқалар белгиланди. Россия молиялаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистонда бўлдим, улар ҳам ёрдам беришга ваъда қилишди”, деган Қалилов.
“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл қурилиши борасидаги ташаббус 2000-йиллар бошида илгари сурилган бўлса-да, ҳаётга татбиқ этилмай келади. 2002 йили Пекин бўлажак йўлнинг ТИАсига аниқлик киритган ва йўналишини белгилаган. Ўша пайтдаги мулоҳазага кўра, Тўругарт довонидан ўтадиган йўл Арпа жайлоо орқали ўтиши, кейин эса Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига ва у ердан Ўзбекистонга ўтиб кетиши керак эди. Темир йўлнинг умумий узунлиги 268 километрни ташкил этиши кўзда тутилганди.
Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳокимият тепасига келганидан кейин “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” йўналиши ўрнига “Тожикистон-Қирғизистон-Қозоғистон-Россия” йўналиши бўйича йўл қуриш ғоясини илгари сурди. Аммо бу ташаббусни ҳеч ким дастакламади. Шундан кейин қирғиз расмийлари яна “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” лойиҳасига қайтишди ва янги йўналишни таклиф этишди.
2017 йили “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” йўл қурилиши бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи тузилган ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун бир-биридан фарқли учта вариант кўриб чиқилаётгани маълум қилинган.