Туркманистон банкоматларида яна нақд пул йўқ. Айни дамда Мари ва Лебап вилоятларининг аҳолиси пластик карталарга ўтказилган пулларини нақд пулга айлантира олмаяпти.
"Марида пенсия ва ногиронлик нафақалари аллақачон карталарга ўтказилган, аммо банкоматлар бўм-бўш, нақд пул йўқ. Туман банкоматларида пул умуман йўқ, ўз пулларини олмоқчи бўлган пенсионерлар шаҳардаги барча банкоматларни кезиб чиқмоқда", дея хабар қилади Озодлик радиоси туркман хизматининг Маридаги мухбири. Аммо банкоматлар олдида навбат кутаётганлар ўз ҳисобида қанча пул борлигини билиш билангина чекланмоқдалар.
Маридаги банкоматлар олдида полиция ходимлари навбатчилик қилаяпти. Нақд пул танқислиги Туркманистоннинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда. Озодлик туркман хизматининг Лебап вилоятидаги мухбирига кўра, "Дайхан" ва "Халқ" банкларининг маҳаллий бўлимлари вакиллари банкоматларда пул йўқлигини пахта йиғим-терими мавсуми ва фермерларга тўловлар билан изоҳлашмоқда. Банкоматлар олдида навбат кутишлар Тошҳовузда ҳам кузатилаяпти.
Шу йилнинг август ойида Туркманистон раҳбарияти банкоматларда пул етишмовчилиги билан боғлиқ муаммони тан олган. Ўшанда президент Бердимуҳамедов банкоматларда нақд пул танқислиги ҳукуматнинг молиявий сиёсатига боғлиқ эмаслигини, муаммолар техник характерга эга эканини айтиб, бу борада барча масъулиятни мулозим зиммасига юклаганди.