Шу йилнинг 6 ноябрига ўтар кечаси 20 нафар ниқобли номаълум шахсдан иборат қуролли гуруҳ тожик-ўзбек чегарасидаги чегара заставасига ҳужум қилган, дея маълумот тарқатди Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари матбуот хизмати.
Куч ишлатар тузилмаларнинг амалиёти чоғида қуролланган гуруҳдан 15 киши ўлдирилган, отишма пайтида чегара қўшинларининг бир аскари ва ички ишлар бўлимининг бир ходими ҳалок бўлган.
Тожикистон ИИВ амалиёт чоғида гуруҳга тегишли 4 автомашина йўқ қилинганини маълум қилган.
Озодликнинг тожик хизмати мухбирларини воқеа жойига ўтказмаганлар. Ҳодиса содир бўлган ҳудудда йўллар ёпилган, Тожикистоннинг бошқа минтақалари ва пойтахт Душанбеда қуролли постлар қўйилган.
Ўзбекистон чегара хизмати чегара заставасига қилинган ҳужум тафсилотларини ўрганмоқда, дея хабар қилади ТАСС ахборот агентлиги Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизмати чегара қўшинлари вакили сўзларига таянган ҳолда.
“Содир бўлган воқеа ҳақида бизни хабардор қилишди. Биз вазиятни ўрганаяпмиз ва Тожикистоннинг тегишли муассасаси билан алоқада бўлиб турибмиз”, деган агентлик манбаси.