Тошкентда фарзандини дўппослаб, қасддан ўлдириб, мурдасини ёқиб юборган эр-хотин ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси ўз Телеграм-канали орқали маълум қилади.
Прокуратура маълумотига кўра, 4 ноябрь куни А.В. исмли аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, 5 ёшли қизи Д.К.ни Бектемир туманида жойлашган “Compass” савдо мажмуасида йўқотиб қўйганлиги ҳақида маълум қилган. Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда Ички ишлар бош бошқармаси томонидан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, қизчани қидиришга киришилган.
Айни пайтда А.В. ҳамда унинг шаръий никоҳдаги эри М.Ф.нинг кўрсатмалари терговчиларда шубҳа уйғотган.
Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида аниқланишича, 25 октябрь кечаси соат 3:00 лар атрофида эр-хотин Сергели туманида ижарада яшаб келган хонадонда спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, фарзандини дўппослаб, қасддан ўлдирганлар. Сўнгра улар содир этган жиноятларини яшириш ва жазодан қутулиш мақсадида мурдани йўқотиш пайига тушганлар. Тонг отгач, мурдани сумкага жойлаб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ижарага олинган дала-ҳовлига олиб боришган. Мурда ўчоқда ёқилиб, сўнг ёнмай қолган қолдиқлари қопга солиниб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборилган.
Шундан сўнг эр-хотин ҳуқуқ-тартибот идораларини чалғитиш ва асл ҳолатни яшириш мақсадида фарзандининг бедарак йўқолиб қолганини айта бошлаган.
Воқеа жойини кўздан кечириш давомида Д.К.нинг мурда суяклари топилиб, ашёвий далил тариқасида олинган.
Ҳозирда қасддан одам ўлдиришда гумонланаётган А.В. ва М.Ф. қўлга олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.