Damas ўрнига Ford: Тошкентда тез ёрдам машиналари алмаштирилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам хизматидаги Damas машиналари тўлалигича замонавий Ford машиналарига алмаштирилади. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов 6 ноябрь куни парламентда ўтган “Ҳукумат соати”да маълум қилган.

Вазир Содиқовга кўра, бугунги кунда умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланган. Шу пайтгача 9 та замонавий тез тиббий ёрдам автомашинаси олиб келинган бўлиб, йил охирига қадар жами 150 та ана шундай автомашина етказиб берилади.

“Тошкент шаҳрида ҳозирги “Дамас”лар ўрнига замонавий “Форд” машиналари хизмат кўрсатади. Тошкентдаги тез тиббий ёрдам тизимидан “Дамас”лар чиқариб ташланади. Кейинги босқичда вазирлигимиз томонидан бутун республика бўйича тез тиббий ёрдам техник ускуналарини қайта модернизация қилиш ишлари амалга оширилади”, дея иқтибос келтиради АКТ вазири сўзларидан Kun.uz нашри.