Пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ қонунбузарликлар кузатилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, бу жабҳада турли ҳудудларда қонунбузарликлар учраб турибди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарномасида қайд этилишича, бу каби қонунбузарлик Нукус шаҳар 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Хўжайли туманидаги 31-умумтаълим мактаб раҳбарлари томонидан содир этилган. Ишчи ва хизматчиларни пахта йиғим-терим ишларига мажбуран жалб этган бу раҳбарлар жаримага тортилган.

Қўл остидаги ходимларни пахта теримига мажбуран йўналтиргани учун жаримага тортилганлар орасида Жиззах вилояти Арнасой тумани АТБ “Халқ банки” бошқарувчиси, ҳудуд Тиббиёт бирлашмаси бош врачи, Сувоқава ДУК Арнасой тумани филиали бошлиқлари ҳам бор.

Вазирлик хабарномасида Қашқадарё, Андижон, Жиззах ва Тошкент вилоятларида теримчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиб бермаган, шунингдек, йўловчи ташувчи “Дамас” ҳайдовчиларини пахта далаларига теримчи ташишга мажбурлаган масъуллар ҳам жазолагани қайд этилади.