Экология расмийлари “бирни кессанг, ўнни эк” маталига амал қилишмоқчи

Иллюстратив сурат.

Тошкентда куз охиригача кесишга рухсат берилган 4955 туп соғлом дарахт ўрнига товон ўлароқ 55 минг туп чинор, эман ва шумтол экилади. Бу ҳақда шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юсупов чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар қилади Газета.уз.

Мулозимга кўра, пойтахтни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишида иштирок этиш истагини билдирган ташкилотлар кўпайиб кетгани учун экиладиган кўчатлар сони 100 минг тупга ҳам етиши мумкин.

Юсупов 1 ноябрдан қимматбаҳо дарахт навларини кесишга мораторий эълон қилинганига тўхталар экан, Фанлар академияси мутахассислари қимматбаҳо дарахт навлари рўйхатини кенгайтирганини, ҳозир бу рўйхат тасдиқланиши кутилаётганини билдирди.