Хусусий клиникаларда туғруқхона очишга рухсат берилди

Иллюстратив сурат

Президент Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хусусий тиббиёт муассасаларида туғруқхона очишга рухсат бериш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 8 ноябрь куни президент "Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам қамровини янада кенгайтириш ва сифатини ошириш тўғрисида"ги қарорни имзолаган.

Қарорда туғруқхона очиш талабида бўлган хусусий тиббий муассасаларга қатор шартлар қўйилган:

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Хавфсиз оналик” стратегияси талабларига риоя этилишини таъминлай оладиган

- туғруқ, жонлантириш, чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш,

- эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника, бактериологик ва клиник-биокимё лабораториялари ҳамда юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлган,

- шунингдек, соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастурини доимий юритиш шарти билан хусусий тиббиёт муассасаларига рухсат этилади".

Қарорда айтилишича, 2020 йил 1 мартигача соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастури такомиллаштирилади.

2020 йилнинг 1 июлдан бошлаб эса барча туғруқни қабул қилиш муассасаларида мажбуран Электрон маълумотлар алмашинуви дастури жорий этилади.

Ўзбекистонда туғруқхоналар етишимаслиги, мавжуд туғруқхоналарда эса шароитнинг оғирлигидан Озодликка муттасил шикоятлар келиб туради.

Хусусан, 9 ноябрь куни, Косондаги туғруқхонада жой етишмаслиги сабаб аёллар уч ҳафта полда ётишга мажбур бўлгани маълум бўлди.

9 октябрда эса Самарқанд вилоятида жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида 354 чақалоқ ва туғруқдаги 13 аёл вафот этгани очиқланган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлигида ўтган йиғилишда маълум қилинган.

Ҳокимият органлари айрим ҳудудларда 150 ўринга мўлжалланган туғруқхоналарда 190 нафаргача аёл сақланаётганини тан олган.

Давлат Статистика қўмитасининг билдиришича, шу йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 1 ёшгача бўлган 3400 чақалоқ нобуд бўлган.