Ўзбекистонда фирибгарликда гумон қилинётган Жанубий Корея фуқаросига жиноят иши қўзғатилди.
Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг маълум қилишича, бу шахс Korean and migrations хусусий бандлик агентлиги мулозимидир.
"Тергов департаменти томонидан Korean and Migration хусусий бандлик агентлиги МЧЖнинг (масъулияти чекланган жамият - таҳр.) мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирда жиноят содир етишда гумон қилиниб, Корея Республикасининг фуқароси Канг Намкю терговга жалб қилинди", деб хабар қилади департамент.
Департамент бу шахсдан жарб кўрганларга, шикоят қилишни истаса, мурожаат қилиши мумкин бўлган телефон рақамларини эълон қилди.
Бунга қадар Korean and migrations агентлигига ўзбекистонларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича берилган 0010-сонли лицензия тўхтатилгани маълум қилинган эди.
Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 88 та юридик шахс хусусий бандлик агентлиги сифатида Меҳнат вазирлигида рўйхатдан ўтказилган. Улардан 65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган ва улардан 30 таси бирорта ҳам фуқарони шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга жўнатмагани маълум бўлган.
Хусусан, 70 га яқин ўзбекистонлик Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги Германия ва Чехияга жўнатиш учун тўловларни олгани, аммо жўнатмаганидан Озодликка шикоят қилганди.