Самарқандда "Валдай" клубининг X Осиё конференцияси ўтказилмоқда

Самарқанд манзараси.

Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси ўтказилмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 80 дан ортиқ эксперт иштирок этмоқда.

10 ноябрь куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган махсус сессия ҳам ўтказилди.

Анжуман доирасида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

2004 йили Россиянинг Новгород шаҳрида ташкил этилган “Валдай” клуби халқаро доираларда россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон ўлароқ кўрилади.

Клубнинг Осиё анжумани ҳар йили турли мамлакат ва шаҳарларда ўтказиб келинади. Бундан аввалги IХ Осиё анжумани 2018 йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказилган.