ФВВ: Қуйичирчиқдаги газ портлаган уйда 2 киши ҳалок бўлди, 4 киши тан жароҳати олди

Қуйичирчиқ туманидаги Сурун маҳалласида газ портлаган хонадон.

11 ноябрда Тошкент вилоят, Қуйичирчиқ туман, «Сурум» МФЙ, Намунали уй кўчасида жойлашган 1-уйнинг иситиш қозонидан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида чақнаш содир бўлган

Бу ҳақда хабар қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, оқибатда уйнинг томи қулаб тушган ва уй жиҳозлари ёнган. Дастлабки маълумотларга кўра, 2 фуқаро воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, 4 фуқаро турли даражадаги тан-жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари ва вилоятнинг тегишли мутасадди раҳбарлари, Тез ҳаракат қилиш Республика кўп тармоқли маркази, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ёнғин-қутқарув отряди қутқарувчилари чиқишган.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади ФВВ маълумотида.

Олдинроқ Озодлик бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига таяниб хабар қилган эди.