Ўзбекистон ҳукумати Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиш ёки бўлмасликни муҳокама қилиш доирасида Россия ва иттифоққа аъзо бошқа давлатлардан ўз ишлаб чиқариш саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа соҳалари учун кафолатлар берилишини талаб қилмоқда.
Бу ҳақда 11 ноябрь куни «Коммерсантъ» нашри Россия ҳукуматидаги манбаларига таянган ҳолда хабар берди.
Нашр манбасининг айтишича, айни пайтда “ Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши масаласида экспертлар ўртасидаги музокаралар жараёни ва секторал маслаҳатлашувлар бошланган”.
«Коммерсантъ»нинг ёзишича, Самарқандда 10-11 ноябрь куни ўтказилган “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси доирасида мазкур масалада матбуот учун ёпиқ бўлган махсус сессия ҳам ўтказилган.
Унда Россия томонидан СНГ давлатлари бўйича учинчи департамент бошлиғи Александр Стерник, Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев, Ўзбекистон томонидан эса Хавфсизлик кенгаши раиси Виктор Маҳмудов, Сенатнинг халқаро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси раиси Алишер Қурмонов, Ташқи ишлар вазирлиги бошқармаларининг бошлиқлари иштирок этганлар.
“Москвада “Ъ”нинг дипломат бўлган суҳбатдошлари Тошкентдан тез орада Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш тўғрисидаги ариза келиб тушишига умид қилинаётганини шаъма қилдилар. Энг оптимистик прогнозга қараганда, ариза шу йилнинг охиригача ёки 2020 йилда келиб тушади. Аммо бу масала бир неча йил муҳокама этилади, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор”, деб ёзди нашр.
Россиялик айрим экспертлар Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишида таваккаллар кўп эканига эътибор қаратмоқдалар.
Москва давлат халқаро алоқалар институтининг халқаро тадқиқотлар маркази эксперти Иван Сафранчук ана шундай таваккаллардан бири қаторида Ўзбекистон автомобил саноатини мисол тариқасида келтиради.
“Ўзбекистоннинг асосий вазифаси ташқи бозорларни очишдир. Лекин Евросиё иқтисодий иттифоқи ташқи бозорни очишгина эмас, балки ички бозорни ҳам очишдир. Бу эса маҳаллий автомобил саноати учун қаттиқ зарба бўлади”, дейди эксперт.
Ўзбек сенатори Алишер Қурмонов мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласини ҳозирча бўрттирмаслик керак деган фикрда.
“Экспертларимизга бу масалани тушиниб олишлари ва хулосага келишлари учун озроқ вақт беришимиз керак. Шундан сўнггина бу мавзуни кенгроқ ва самаралироқ шарҳлаш мумкин бўлади”, деб айтган сенатор.
АҚШ савдо вазири Уилбур Росс эса Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш Ўзбекистоннинг халқаро савдо жараёнларига интеграциялашувини сустлаштиришидан огоҳлантирган эди.
Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши юзасидан баҳс-мунозаралар Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг 2 октябрда Тошкентга қилган ташрифидан сўнг бошланиб кетган эди.
Валентина Матвиенко президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши "мавзусига бир неча маротаба қайтганликлари"ни айтган эди.
Россиядаги айрим хабар агентликлари Матвиенконинг "Мирзиёев қарор қабул қилди, Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИ қўшилиш масаласини ишлаб чиқмоқда", деган сўзларини келтирганди.