АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари президент Дональд Трампга қарши олиб бораётган импичмент тергови доирасида ўтказиладиган сўроқлар 13 ноябрдан бошлаб телевидение орқали намойиш этилади.
АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда. Терговдан мақсад Трамп ўз ҳаракатлари билан импичментга сабаб бўладиган қонунбузарликларга қўл урганми-йўқлигини аниқлашдир.
Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9:00 да Уильям Тэйлор кўрсатма беради. Трампнинг Украина бўйича мутасаддиси лавозимида ишлаган Тэйлор ёпиқ эшиклар ортида берган кўрсатмаларида Трамп маъмурияти Украина бўйича ташқи сиёсатида альтернатив каналлардан фойдаланганини "ножўя" ҳаракатлар дея таърифлаган.
Демократлар айбловига кўра, Трамп Зеленский ота-ўғил Байденларни тергов қилиш талабини бажармаса, Украинага ваъда қилинган ҳарбий ёрдам тўхтатиб қўйилишини айтиб, таҳдид солган.
Тэйлор Украинага ваъда қилинган ёрдамни сиёсий терговлар эвазига тўхтатиб қўйиш "аҳмоқлик" эканлигини таъкидлаган.
Ўз кўрсатмалари давомида дипломат, шунингдек, Трамп Украинадан уч нарса талаб қилганини айтган: "Терговлар, Байден ҳамда [собиқ АҚШ давлат котиби Ҳиллари] Клинтон".