Қирғизистон Ўзбекистондан маҳсулот олиб кириш чекланиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги Ўзбекистондан Евросиё иқтисодий иттифоқининг фитосанитар талабларига жавоб бермаган маҳсулотлар олиб кирилаётгани тўғрисида баёнот берди.

Вазирликнинг 13 ноябрда билдиришича, 2019 йилнинг бошидан то шу кунгача 356та мана шундай ҳолат бўлган. Бу ҳолатларнинг 10тасида Қирғизистонга олиб кирилган озиқ-овқат ва меваларда, жумладан, анорда зарарли вируслар борлиги аниқланган.

“Маҳсулот Ўзбекистоннинг фитосанитар назорати сертификатига эга бўлган. Бироқ Ўшдаги лаборатория маҳсулотда “Grapholitha molesta Busck” вируси борлигини аниқлаган”, дейилади расмий баёнотда.

12 ноябрда эса Ўзбекистондан олиб келинаётган 35 тоннадан ортиқ маҳсулотнинг фитосанитар сертификати яроқсиз деб топилган ва Қирғизистонга киритилмаган.

Вазирлик шу муносабат билан Ўзбекистоннинг тегишли идораларига дипломатик каналлар орқали Қирғизистонга маҳсулот олиб киришга вақтинчалик чеклов жорий этилиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантирув мактубини жўнатган.